+
Онлайн қабулхона Онлайн буюртма

Бизнинг муваффақиятли молиялаштирилган лойиҳамиз

Босиб чиқариладиган версия

1845

«YULDUZ» Хусусий Чорвачилик Хўжалиги

«YULDUZ» – Тошкент вилоятининг Чиноз туманида муваффақиятли фаолият юритаётган чорвачилик хўжаликларидан бири. Ушбу чорвачилик хўжалигининг эгаси – Араббоев Хусан Жамалитдинович. Чорвачилик ва янги соғилган сигир сутини етказиб бериш хўжалик фаолиятининг асосий турлари ҳисобланади. Фермадаги барча соғин сигирлар гольштейн ва симменталь зотларига мансуб бўлиб, «YULDUZ» ХЧХ томонидан бевосита Германия, Австрия ва Голландиядан харид қилинган. Маълумки, гольштейн зотига мансуб сигирлар сут бериш бўйича энг юқори маҳсулдорликка эга сигирлар ҳисобланади. Бундай зотдор сигир тўғри боқилганида, ундан йилига ёғлилик даражаси 3,8% ни ташкил қилувчи 10 000 литргача сут олиш мумкин. Симменталь зоти – бу гўшт ва сут ишлаб чиқариш учун мўлжалланган зотдор сигирлар чатишмаси. Бу сигирлар йилига ёғлилик даражаси 4,2% гачани ташкил қилувчи 8 000 литргача сут беришга қодир. Айни пайтда «YULDUZ» ХЧХдаги соғин сигирлар сони 500 бошдан ортади. Фермадаги ҳар бир сигир кунига ёғлилик даражаси 3.8% ни ташкил қилувчи 35 литр сут беради.

 

«YULDUZ» хўжалиги «Uzbek Leasing International A.О.» АЖнинг “қадрдон” мижозларидан бири ҳисобланади. Хусусан, «Uzbek Leasing International A.О.» компанияси орқали ушбу хўжаликка соғиш жараёнини бошқарувчи ва назорат қилувчи «Metatron» автомат тизими билан жиҳозланган “EuroClass 1200” типидаги “Арча” соғиш майдончаси (Германиянинг “WestfaliaSurge GmbH” фирмасида ишлаб чиқарилган) лизинг шартларида етказиб берилди. Мазкур ускуна қиймати 107,3 минг Еврони ташкил қилади.

 

Ушбу лойиҳанинг мақсади чорвачилик хўжалигининг жорий фаолиятини кенгайтириш ва янги соғилган сут миқдорини оширишдан иборат бўлди. Мавжуд ишлаб чиқариш майдонларида замонавий технологик ускуналарни ўрнатиш ва жойлаштириш (200 бош соғин сигирга мўлжалланган соғиш зали) билан бирга кечган сут ишлаб чиқаришини техник қайта қуроллантириш меҳнат унумдорлигини ошириш ва истеъмолчиларни халқаро стандартларга мувофиқ келадиган юқори сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини берди. Бундан олдин фермада сигирларни соғиш қўлда амалга ошириларди.

 

Харид қилинган сигир соғиш тизими нафақат сигир соғиш жараёнининг самарали унумдорлигини таъминламоқда, балки сут оқими, соғилган сут миқдори, электр ўтказувчанлиги, сигирларнинг индивидуал кўрсаткичлари ҳақида ҳам маълумотларни бермоқда. Ушбу тизим фермадаги барча технологияларни марказий бошқариш, шу жумладан чорва моллари ва уларнинг маҳсулдорлиги (туғилиш, боқиш, соғиш, молларнинг соғлиғи) бўйича ҳамма маълумотлар билан бирга подани бошқариш ишларини амалга оширади. Шунингдек тизим график ёки жадвал шаклидаги таҳлил маълумотлари билан индивидуал конфигурацияга эга турли-туман ҳисоботларни ҳам чиқариб беради. Бундан олдин фермада сигирлар сони, уруғланиши, боқилиши, соғилиши ва бўғизланишини ҳисобга олиш ишлари қўлда, қоғоз шаклида олиб бориларди. Айтиш жоизки, янги технология жорий этилиши билан фермада сут соғиш ҳажми 1,5 бараварга ошди ва, таъкидлаш керакки, сигир елинида мастит пайдо бўлиш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилди. Бугунги кунда чорвачилик хўжашлигида сут ишлаб чиқариш ҳажми суткасига 12 тоннага ёки ойига 360 тоннага етган. «YULDUZ» ХЧХ ҳозирда машҳур бўлган «Musaffo» («MILK HOUSE» МЧЖ ҚК), «IBRAGIMOV X.N.» («Ибрагимов Х.Н.» ХК) каби брендларнинг сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий заводлари учун юқори сифатли сут етказиб бермоқда.