+
Онлайн қабулхона Онлайн буюртма

Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмасининг раҳбари “ИТБ Гуруҳининг бир куни” анжуманида қатнашди

Босиб чиқариладиган версия

3496

2018 йилнинг 17-20 сентябрь кунлари “ИТБ Гуруҳининг бир куни” анжумани ва АКГ Давра суҳбатини ўтказиш учун ИТБ Гуруҳи Президенти Бандар Асад Ҳожар бошчилигидаги Ислом Тараққиёт Банки (ИТБ) Гуруҳи ва Араб фондларининг Координацион гуруҳи (АКГ) делегацияси Ўзбекистонда бўлди.

2018 йил 18 сентябрь куни «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтган анжуман доирасида Ислом Тараққиёт банки (ИТБ) ва Ўзбекистон ҳукумати 2018-2021 йилларга мўлжалланган Шериклик стратегиясини имзолади. Ушбу стратегия Ўзбекистоннинг иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан республикада савдони молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш, хусусий ва кичик бизнесни ҳамда инновацион фаолиятни ривожлантириш учун маблағлар тақдим этишни кўзда тутади.

Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмасининг Бош директори Зафар Мустафаев “ИТБ Гуруҳининг бир куни” анжуманида иштирок этди. У анжуманда “IsDB Group and Leasing Market of Uzbekistan: Common Fields of Interest («ИТБ Гуруҳи ва Ўзбекистоннинг лизинг сектори: умумий манфаатлар») мавзусидаги тақдимот билан чиқди. У ўз тақдимотида Ўзбекистоннинг лизинг бозорини ёритиб берди, хусусан, анжуман иштирокчиларининг диққат-эътиборини Хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси (ХСРИК) билан фаол ҳамкорлик қилаётган лизинг компанияларига қаратди.


Маълумот учун, Хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси (ХСРИК) ИТБ Гуруҳининг молия муассасаларидан бири ҳисобланади. Корпорация 1999 йилда Жиддада ташкил қилинган. Ислом тараққиёт банкининг фаолиятини ташкилотга аъзо мамлакатлардаги хусусий секторни кучайтириш орқали иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш борасида тўлдириш; хусусий секторда инвестицион ва савдо-молия фаолияти учун имкониятларни баҳолаш йўли билан аъзо мамлакатларда ривожланишни рағбатлантириш, ислом қимматли қоғозлар ва қарз капитали бозорида активларни бошқариш ва ривожлантириш унинг асосий мақсади ҳисобланади.

 Шунингдек З.Мустафаев тақдимотда Ўзбекистондаги хусусий ва кичик бизнес корхоналарининг, яъни бўлғуси лизинг олувчиларнинг Ижара (IJARA) ислом шартларида лизинг лойиҳаларининг молиялаштирилишига бўлган ўсиб бораётган талаби ҳақида ва мамлакат лизинг компанияларини ривожлантириш учун кредит маблағлари ҳажмини ошириш мақсадида ХСРИК томонидан Ўзбекистон лизинг секторига инвестициялар қилиниши имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.


Тақдимот якунида уюшма раҳбари ИТБ маблағлари иштирокидаги ҳамкорлик дастурига кириши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларининг реал лойиҳалар салоҳияти бўлган Ўзбекистон иқтисодиётининг истиқболли тармоқларини санаб ўтди.